IKKI PIYOLA SUV

Қадим замонда бойлиги билан мақтанувчи ҳукмдор бўлган эди. У қаерга бормасин, хазинасидан бир қисм олиб, уни бошқаларга  кўз-кўз қилар эди.  Бир куни у энг ишонган олим дўстига шундай савол берди:
– Сен олимлар ичра машҳур ва доносан. Мен сенинг фикрингни билмоқчиман. Менинг ҳукмдорлигим ва давлатим ҳақида нима дея оласан?
Олим жавоб беришнинг йўлини топди ва ҳукмдорга  шундай деди:
– Фараз қилайлик, сиз бепоён ва жазирама чўлнинг қоқ ўртасида турибсиз. Шу пайт томоғингиз қақраб, ниҳоятда чанқадингиз. Аммо яшаб қолиш учун ярим давлатингиз эвазига сизга бир пиёла сув узатилди. Сиз бунга рози бўлармидингиз?
– Албатта, рози бўлардим.
– Анча вақт ўтди. Чанқоқ кучайди. Қолган давлатингиз эвазига сизга яна бир пиёла сув таклиф қилинди. Сиз бунга ҳам  рози бўлармидингиз?
Ҳукмдор бир оз ўйланди ва ноилож:
– Ўлмай қолиш учун мен давлатимнинг қолганини ҳам беришга мажбурман, –деди.
Шунда олим мийиғида кулиб:
– Демак, ғурурланишга ҳожат йўқ, ҳукмдор. Сиздаги бойликнинг баҳоси бор йўғи икки пиёла сув экан, – деди.

BEK ADMIN

@MAKONI_YURAK

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Uskunalar paneliga o'tish